Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника ва зоология институти базасида иккита алоҳида илмий муассаса — Ботаника институти ва Зоология институти ташкил этилди. Бу Президентнинг 4 сентябрдаги қарорида кўзда тутилган.

Қарор ботаника ва зоология соҳасидаги илмий тадқиқотларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, республика ўсимлик ва ҳайвонот олами биохилма-хиллигини сақлаш, замонавий фан ва иқтисодиёт тармоқларининг талабларидан келиб чиққан ҳолда ботаника ва зоологиянинг алоҳида йўналишларини ривожлантириш, шунингдек, ўсимлик ва ҳайвонот оламини ўрганиш ҳамда муҳофаза қилиш борасидаги махсус вазифалар ечимини тезлаштириш мақсадида қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг «Ғўза систематикаси ва интродукцияси» лабораторияси, «Ғўза генофонди» ноёб объекти ва иссиқхона комплексини Ботаника институти тасарруфига ўтказиш белгиланди.

Ботаника ва зоология институти (аввал — Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди институти) 2012 йил «Ботаника» илмий-ишлаб чиқариш маркази (2001 йилда ташкил топган) ва Зоология институти (1950 йилда асос солинган) бирлашувидан тузилган.