Дам олиш кунлари Ўзбекистонда ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида 18,67 миллион киши иштирок этди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ахборот хизмати ушбу маълумотларни эълон қилди.

Мустақиллик байрами арафасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган тадбирда 12,42 миллион ёшлар вакиллари иштирок этди, дейилади кенгаш хабарида.

Икки кун давомида умумий майдони 41 минг гектарга яқин майдон ободонлаштирилди, 27 минг километрдан зиёд узунликдаги ариқлар тозаланди, 9000 та қабристон ва 800 зиёратгоҳ ҳудуди тартибга келтирилди. 18 миллиондан ортиқ дарахт туплари оқланди.

Икки кун давомида 18 минг оилага хонадонларини таъмирлашга кўмаклашилди. 24 минг эҳтиёжманд оила, жумладан 8000 имконияти чекланган ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам берилди. Ушбу мақсадлар учун 5,3 млрд сўм ажратилди.

Дам олиш кунлари 297 та савдо ва хизмат кўрсатиш объекти, 18 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси ҳамда 32 та болалар спорт майдончалари фойдаланишга топширилди. Хашар муносабати билан корхона, муассаса ва ташкилотлар ходимларининг бир кунлик ойлик иш ҳақи «Маҳалла» жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамига ўтказилди. Ушбу маблағлар «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга оширишга йўналтирилади.