Андижон давлат университети қошидаги 4-академик лицей ҳудудида Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва шоир бюсти ўрнатилган хиёбон пайдо бўлади.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 25 июлдаги қарорида сўз боради, деб хабар қилди Norma.uz.

2017—2018 ўқув йилида 5−8-синфлар, 2018—2019 ўқув йилидан эса — 5-синфга 30 нафардан ўқувчи қабул қилинади. 1 сентябрга қадар 150 ўринга мўлжалланган ўқув биноларида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ёндаш ҳудудда боғ барпо этилади.

Янги мактаб ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, ўқув-методик мажмуалар, дарсликлар ва бадиий адабиётлар билан таъминланади.

Мактабга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида она тили ва адабиёт фанларидан, шунингдек психологик-педагогик диагностика бўйича тест синови ўтказиш кўзда тутилган.