22 июль куни эрталаб Тошкент Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қутқарув отряди Чилонзор туманида Бўржар анҳорига тушиб кетган 52 ёшли эркакни қутқариб қолди. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳодиса тўғрисида ФВБ навбатчилик қисмига 6:38 да хабар келиб тушади, қутқарувчилар воқеа жойига 6:50 да етиб келади. Маълум бўлишича, қирғоқ бўйлаб кетаётган эркак эҳтиётсизлик оқибатида тик жарликдан сувга қулаб тушади. Тахминан 50 метр оқим бўйлаб сузиб, дарахтдан тутиб олишнинг уддасидан чиқади.

Эвакуация қилинган эркакда артериал қон босимининг пастлиги ва ҳолсизланиш қайд этилди. Унга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилди. Шундан сўнг «тез ёрдам» шифокорлари қўлига топширилди. Айни пайтда жабрланувчи шифохонада, унинг аҳволи қониқарли.