Facebook, Microsoft, Twitter ва YouTube сингари йирик ижтимоий тармоқлар ва платформалар террорист ва экстремистларнинг Жаҳон ўргимчак тўрида «хавфсиз бошпана» топишига йўл қўймасликка хизмат қилувчи терроризмга қарши кураш бўйича Глобал интернет-форум яратилиши ҳақида эълон қилди.

БМТ Янгиликлар марказининг хабарига кўра, янги ҳамкорликда асосий эътибор террористлар ҳақидаги умумий маълумотлар базасини яратиш, хавфли контентни аниқлаш ва тоифалаш бўйича янги усулларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга татбиқ этишга қаратилади. Оммавий ижтимоий тармоқлар раҳбарлари «террористик контент"ни аниқлаш бўйича тадқиқотларни жадаллаштириш, терроризмга қарши кураш бўйича экспертлар, жумладан ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан ахборотлар алмашишга ваъда беришди.

Глобал форум ташаббускорлари БМТ билан ҳамкорликда Силикон водийси ва бутун дунёда интернетда терроризмга қарши курашни фаоллаштиришни муҳокама қилиш учун семинарлар туркумини ўтказишни мўлжалламоқда.