Ўзбекистон Адлия вазирлиги Бухоро вилоятидаги Олий Мир Араб мадрасасини олий диний таълим муассасаси сифатидан рўйхатга олди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди. Мадрасага шу ерда фаолият кўрсатиб келаётган Жобир Элов ректор в.б. бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев 10−11 март кунлари Бухоро вилоятига ташриф буюрганида вилоятда Мир Араб олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатма берган эди.

Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов мадрасанинг Ўзбекистон халқига соф Ислом дини асосларини пухта ўрганиш ва мамлакатда диний бағрикенгликнинг таъминланишида муҳим аҳамият касб этишини билдирди.

Мазкур таълим муассасасидан Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломалар етишиб чиқишини тилаб дуо қилди.

Ҳозирги вақтда Бухоро вилоятида янги ташкил қилинган Мир Араб олий мадрасасидан ташқари Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ҳам ўз фаолиятини давом эттиради.