Жиззах шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг «Баркамол авлод—2017» республика спорт мусобақалари бошланди. Мусобақа 25 майдан 27 майга қадар давом этади.

Мусобақаларнинг финал босқичида 898 нафар спортчи ва 236 нафар мураббий иштирок этади. 159 нафар ҳакамлар ҳайъати спортнинг 17 тури бўйича хизмат қилади.

Мусобақаларнинг биринчи куни «Сўғдиёна» универсал спорт мажмуасида спортчилар брасс, чалқанча, баттерфляй, эркин ҳамда аралаш эстафета усулларида сузиш бўйича ўзаро куч синашди.

Қизлар ўртасида 50 метрга баттерфляй усулда сузиш баҳсларида Паралимпия-2016 уч карра ғолиби қашқадарёлик Фотима Амилова марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтиб, олтин медаль соҳиби бўлди. Шу масофага ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда андижонлик Зуфар Абдулазизов биринчи ўринни эгаллади.

Ўсмирлар ва қизлар ўртасида 50 метрга чалқанча усулда сузиш баҳсларида пойтахтлик спортчилар Ирина Ушакова ва Алексей Тарасенко шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди.

100 метрга баттерфляй усулда сузишда қорақалпоғистонлик Маржина Ўразимбетова ва пойтахтлик Артём Козлюк энг яхши натижа қайд этди.

200 юз метрга эркин усулда сузиш баҳсларида андижонлик Шаҳноза Содиқова ва Навоий вилояти вакили Олимжон Одилов ғолиб чиқди. Қизлар ўртасида аралаш эстафета мусобақасида Қашқадарё вилояти, ўғил болалар ўртасида Тошкент шаҳри жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.

Сузиш бўйича мусобақаларнинг биринчи куни натижаларига кўра, энг кўп очко жамғарган Тошкент шаҳри жамоаси биринчи, андижонликлар иккинчи, кашқадарёликлар учинчи ўринни эгаллашди. Мусобақалар якунида ғолибларга диплом ва совғалар топширилди.

Мусобақалар тўртта объектда ўтказилади. «Сўғдиёна» универсал спорт мажмуасида бокс, бадиий гимнастика, сузиш, енгил атлетика, Жиззах олимпия захиралари коллежида гандбол, баскетбол, бадминтон, стол тенниси, эркин ва юнон-рум курашлари, дзюдо, таэквондо, оғир атлетика, теннис, Жиззах политехника институтида волейбол, футбол, Жиззах политехника институти қошидаги академик лицей спорт залида шахмат спорт турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтади.

Спорт байрами иштирокчиларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун бадиий-мусиқий кечалар, миллий кино ва ҳужжатли фильмлар намойиши, таниқли шоир, ёзувчи, санъаткор ва спортчилар билан учрашувлар, Жиззах шаҳрининг диққатга сазовор масканларига саёҳатлар уюштириш каби маданий-маърифий тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.