18 май куни 17:40 да Чорвоқ сув омборидан сониясига 800 куб метр сувнинг чиқиши Чирчиқ дарёсида сув сатҳининг кескин кўтарилишига сабаб бўлди.

ФВВ матбуот хизматининг хабар қилишича, соат 23:30 да Чирчиқ дарёсининг Қуйичирчиқ тумани ҳудудининг чап қирғоғида қирғоқларнинг емирилиши ва қисман қирғоқларга сув чиқиши кузатилган. Бу эса «Абай» ҚФЙ «Тожик овул» маҳалласидаги 28 та хонадонда (132 нафар фуқаро) сув босиш хавфи келиб чиққан. Шунингдек, «Янги ҳаёт» ҚФЙ «Охунбобоев» аҳоли яшаш пунктидаги 8 хонадоннинг ҳовлисига сув кирган, аммо уларнинг асосий яшаш уйларига зарар етмаган.

Воқеа содир бўлган жойга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимияти, Ўзгидромет, Ўзавтойўл, ИИБ ходимларидан иборат тезкор Штаб ташкил қилинган.

50 нафар ишчи ходим, 7 та юк машинаси, 3 та погрузчик, 1 та автокран, 1 та булдозер жалб қилиниб, 35 м қирғоқ жойига қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилди. Қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари давом эттирилмоқда.