Санитария меъёрларига риоя этилмасдан тайёрланган ва сотувга чиқарилган музқаймоқ Андижон вилоятида оммавий заҳарланишга сабаб бўлди, деб хабар қилди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Шаҳрихон тумани марказидаги «Макс» кафесида тадбиркор Жаҳонгир Бултирбоев фрезерли музқаймоқ савдоси билан шуғулланган. У музқаймоқ учун қоришмани тайёрлаш бўйича цехни Андижондаги ўз уйида тегишли рухсат берувчи ҳужжатларсиз ташкил этган.

Маҳсулотни тайёрлашда санитария меъёрларига риоя қилмаган. Уйдан кафега тайёр маҳсулотни озиқ-овқат маҳсулотлари учун мўлжалланмаган пластмасса идишларда ташиган. Музқаймоқ қоришмасини вақтинча сақлаш учун идишлар, тўртта фрезер ускунаси қисмларини ювиш ва зарарсизлантириш учун зарур шароитлар яратилмаган, дезинфекция воситаларидан фойдаланилмаган, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Тадбиркор музқаймоқ қоришмасини тайёрлашда хавфсизликни кафолатловчи ҳужжатларга эга бўлмаган. Маҳсулотни ишлаб чиқаришда тайёрланган санаси ва яроқлилик муддати номаълум хом ашёдан фойдаланган. Кафенинг тўрт нафар ишчиси зарур тиббий кўрикдан ўтмаган.

Ҳодиса жойидаги эпидемик вазиятни соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари — бош давлат санитар шифокори Саидмурод Сайдалиев, вирусология Илмий тадқиқот институти директори Эркин Мусабоев, эпидемиология, микробиология ва инфекцион касалликлар ИТИ директори Абдурашид Абдушукуров ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатор мутахассислари ўрганди.

15 май куни 14:30 дан 22:00 га қадар Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмасига 186 киши кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриғи ва ҳарорат кўтарилиши аломатлари билан ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мутахассислар билан суҳбатда беморлар 14 май куни «Макс» кафесида фрезерли музқаймоқ истеъмол қилганидан сўнг саломатлиги ёмонлашганини маълум қилган.

Тўрт кишининг аҳволи ўртача баҳоланмоқда. Улар реанимация бўлимига ётқизилган, саломатлиги яхшиланганидан сўнг эса шу куннинг ўзида умумий бўлимга ётқизилган. Қолган беморларнинг аҳволи енгил деб баҳоланиб, уларга умумий палаталарда тиббий ёрдам кўрсатилган.

17 май 17:00 ҳолати бўйича шифохонада 33 бемор даволанмоқда, уларнинг барчаси шифокорлар назорати остида. Мутахассислар фуқаролар ҳолатини барқарор деб ҳисобламоқда. Шифохона ва унинг бўлимлари зарур дори воситалари, инфузион эритмалар, бир марталик шпирцлар ва системалар билан таъминланган.

Шаҳрихондаги эпидемик вазият қатъий назорат остида ва барқарорлашган, дея қайд этилди Соғлиқни сақлаш вазирлигида.