Андижон вилоятида оммавий заҳарланиш содир бўлди. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, 15 май куни Шаҳрихон туман Марказий шифохонасига 212 киши овқатдан заҳарланиш аломати (кўнгил айниши, қайт қилиш, ичбуруғ) билан мурожаат қилган.

Уларнинг 186 нафари дастлабки «Озиқ-овқат токсикоинфекцияси. Ўткир гастроэнтрит» ташҳиси билан шифохонанинг турли бўлимларига ётқизилди.
Барча жабрланганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди.17 май 8:00 га бориб 153 кишига рухсат берилди. Айни пайтда 33 киши стационар шароитда даволанмоқда, улар аҳволи босқичма-босқич яхшиланмоқда, дея қайд этди ФВВ.
Барча жабрланганлар заҳарланишдан аввал кун давомида Шаҳрихон марказидаги хусусий тадбиркор Р.Раҳимовга тегишли бўлган «Макс» савдо нуқтасидан сотиб олинган музқаймоқни истеъмол қилган.
Овқатдан оммавий заҳарланиш сабабларини ўрганиш ва зарур консультатив ёрдам кўрсатиш мақсадида Шаҳрихонга 15 майдан буён Бош давлат санитария шифокори Саидмурод Сайдалиев раҳбарлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги махсус ишчи гуруҳи иш олиб бормоқда.
Шаҳрихондаги эпидемиологик вазият назорат остида.