Хива (Хоразм вилояти) ва Шаҳрисабз (Қашқадарё вилояти) вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар рўйхатига киритилди. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 16 май куни шу ҳақдаги қарорни қабул қилди.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев кўрсатиб ўтилган вилоятларга ташрифи жараёнида Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларини мустақил маъмурий бирлик этиб қайта ташкил қилиш ҳамда уларни вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар рўйхатига киритиш топшириғини берган эди.

Парламент қуйи палатаси хабарида келтирилишича, ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистон ҳудудида жойлашган жаҳон аҳамиятига молик бу қадимий шаҳарларнинг туристик салоҳиятини сезиларли даражада ошириш имконини беради.