Kawasaki Heavy Industries ва Marubeni Utilite Services Фарғона иссиқлиқ электр маркази (ИЭМ) модернизациясига киришди, деб хабар қилди «Ўзбекэнерго» компанияси. Япония компаниялари ускуналарни «калити билан топшириш» усулида етказиб беради.

Фарғона ИЭМ ва Фарғона буғ қозонида юқори самарали когенерацион газ турбинали қурилмаларни жорий этиш бўйича қурилиш ишлари апрель ойи охирида бошланган эди.

«Бундай лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудудда умумий қуввати 24 МВт бўлган қўшимча қувватни яратиш имконини беради», — дейилади хабарда.

Фарғона ИЭМ маълумотларига кўра, қиймати 83,6 млн доллар бўлган модернизация ишлари Япониянинг янги энергетик ва саноат технологияларни ривожлантириш бўйича ташкилотининг (NEDO) 49,5 млн долларлик гранти ва «Ўзбекэнерго» маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Фарғона ИЭМ — айни пайтда Фарғона водийсидаги ягона электр станцияси бўлиб, 1978 йилда ишга туширилган. Унинг ўрнатилган қуввати — 305 МВт, 560 миллион кВт/с электр энергияси ишлаб чиқаради.