Президент Шавкат Мирзиёев чоршанба куни Тошкентдаги «энг мураккаб» туманлардан бири -Чилонзор туманига ташриф буюрди, деб хабар қилди «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастури.
Давлат раҳбари йўлаклар ва турар жойлар бўйлаб юриб, «Яккатут» маҳалласи аҳолиси билан суҳбатлашди, хонадонлардан бирига ташриф буюриб, унинг соҳибларини ўйлантираётган муаммолар тўғрисида қизиқиб кўрди. Шавкат Мирзиёев хонадонлар, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ҳудудларини ободонлаштириш бўйича топшириқлар берди.
Президентга пойтахтда бунёд этиладиган намунали маҳалла марказлари лойиҳалари тўғрисида ахборот берилди. Улар сони 500 тани ташкил этади. Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси ўринбосари Асомиддин Тожиевнинг таъкидлашича, уч турдаги маҳалла маркази лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзида ягона мажмуани мужассам этади.
«Авваллари маҳалла маркази ҳақида сўз кетганида қандайдир маълумотномаларни тарқатувчи амалдор ўтирадиган жой тушунилар эди», — деди у. Ҳозирда мутлақо янгича ёндашув: маҳалла, бу — «маданият ўчоғи, тарбия маркази, инсон умри ўтувчи маскан».
Президент лойиҳалар кам-кўстини тўлдириш ва янада яхшилаш вазифасини топширди. Маҳалла марказларида раис, унинг маслаҳатчилари ва профилактика инспектори учун бинодан ташқари, кутубхона, спорт билан шуғулланиш, катта ёшли авлод вакиллари ҳордиқ чиқарувчи жой, маиший хизмат кўрсатиш пунктлари ва новвойхона бўлади.
«Асосий вазифалардан бири — маҳаллалар функционал бўлиши ва хавфсизлик нуқтаи назаридан барча талабларга жавоб бериши керак», — дея қайд этди давлат раҳбари. У профилактика инспекторлари (участкавой) маҳаллада яшаши лозимлигини таъкидлади. Улар учун барча шароитлар яратилиши, улар қайта тайёргарликдан ўтиши лозим.
«Участкавойлар халқ олдида ҳисоб бериши, одамлар билан ҳамнафас бўлиб яшаш керак, одамларнинг дардини билиш керак. Участкавой ва маҳалла раисининг иши шунга боғлиқ. Улар халқ билан давлат ўртасида кўприк бўлиши керак», — деди Президент.
Шавкат Мирзиёев хусусий турар жой мулкдорлари ширкатлари тизимини такомиллаштириш, улар фаолияти самарадорлиги ва аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини ошириш зарурлиги тўғрисида маълум қилди. Асосий мақсад — одамлар учун максимал шароит яратиш.
«Туманнинг тўрт раҳбари мутлақо янги тизимда ишлашса, икки йилда одамларнинг кайфияти тўлиқ ўзгаради. Бироқ бунинг учун биз Тошкентимизни севишимиз, Ватанимизни севишимиз керак, Тошкент намунали шаҳар бўлиши лозим», — деди Президент.
Йўлаклар, подъездлар, мактаблар, коллежлар, бюджет ва бошқа ташкилотлар ҳақида сўзлар экан, Шавкат Мирзиёев улардан «маданият нафаси» уфуриб туриши лозимлигини таъкидлади.
Karimova Marhabo Esanmuratovna
Муҳтарам Юртбошимизни “Шаҳарни, Ватанни севиш керак, шунда одамлар кайфияти ўзгаради“ деган ибораларида олам, олам маънолар мужассамдир. Дарҳақиқат Давлатимиз раҳбарини ўзи пойтахтимиз аҳоли яшаш масканларида юриб, фуқаролар кайфияти, уларни яшаш шароитлари, уй-хонадонларига кириб ўзлари танишишлари ва улардан бевосита ҳол-аҳвол сўрашлари, вилоят ва туман миқиёсида меҳнат қилишаётган ҳар бир раҳбарга ҳақиқий урнак намунасидир.
Жаннатмакон Она Юртим, Ўзбекистонимга атаб ушбу шеърлариимни битдим ва сиз азиз ўқувчилар билан баҳам кўрмоқчиман:
Ватаним-ягона!
Ватанимга меҳрим беқиёс,
Севдим уни жонимдан ортиқ.
Керак бўлса бутун ҳаётим,
Она юртга қиламан тортиқ.
Муҳаббатим тоғданда юксак,
Торта олмас ҳеч бир торози.
“Жоним сенга фидо Ватаним“
Бу юрагим берган овози.
Мусаффодир само фалагим,
Меҳрим гули тинмай ғунчалар.
Кўз қароғим-озод малагим,
Сенга ҳавас қилар қанчалар.
Ватан-онамсан, танҳогинам.
Фарзанд бўлиб нима беролдим?
Шукроналар қилиб бағрингда
Яратгандан бахтинг сўролдим.
Иймондандир-Ватанни севмоқ,
Кўксимдаги меҳр-ёрлиғим.
Кўзларимга суртгум тупроғин,
Ўзбекистон-бутун борлиғим!
Ватанимга меҳрим беқиёс,
Севдим уни жонимдан ортиқ.
Керак бўлса бутун ҳаётим,
Она юртга қиламан тортиқ!
Муқаддасдир Ватан
Сўзим кўнглингизга кетсада ботиб,
Юрагингиз қолган бўлса муз қотиб,
Билингки, Ватанни бўлмайди сотиб,
Муқаддасдир Ватан азиз онамиз!
Она Юртга қилиб бўлмас хиёнат,
Жойланган бўлса юракка меҳр диёнат.
Жавобин бериш керак охир қиёмат,
Муқаддасдир Ватан азиз онамиз!
Ватан қадрин билмаган, қалби пора,
Юрагида чандиқ битмайди яра.
Атрофингга теран нигоҳла қара,
Муқаддасдир Ватан азиз онамиз!
Юрагимга меҳринг солгайман Ватан,
Дардинг бўлса айтгин олгайман Ватан.
Тоабад бағрингда қолгайман Ватан
Муқаддасдир Ватан азиз онамиз!
Она Ватанимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин! Халқимиз Сарбони, Муҳтарам Юртбошимиз раҳбарликларида Она Юртимиз ҳамиша тинч осойишта бўлсин, халқларимиз туқ ва фаровон бўлиб, хонадонларида яхши тадбирлар ва туйлар бўлаверсин! Она Ватанимизни севайлик азиз юртдошлар!
Ҳурмат билан:
Каримова Марҳабо Эсанмуратовна.
Қашқадарё вилояти, Китоб тумани, Оёқчи қишлоғи.