Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов сешанба куни Москвада Россия ҳукумати раҳбари Дмитрий Медведов билан учрашди. Абдулла Ариповга Ўзбекистоннинг қатор вазирлик ва маҳкамалари раҳбарлари ҳамроҳлик қилмоқда.

Музокаралар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг апрель ойи аввалида режалаштирилган Россияга давлат ташрифига тайёргарлик кўриш доирасида ўтказилди. Икки давлат раҳбарлари турли йўналишлар, биринчи навбатда савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик бўйича улкан ҳужжатлар тўпламини имзолашлари лозим.

Абдулла Ариповнинг қайд этишича, имзолаш режалаштирилган ҳужжатлар икки давлат ҳамкорлигини янги даражага кўтаришга имкон туғдиради.

«Мамлакатларимиз яқин, ўртамизда ҳар доим жуда дўстона, ҳамкорлик муносабатлари бўлган ва биз мазкур алоқалар жадал ва олға ривожланиб боришидан манфаатдормиз», — дея таъкидлади, ўз навбатида Дмитрий Медведев.