Ўзбекистоннинг 23 туманида 50 гектардан зиёд майдонда заъфарон плантацияларини ташкил этиш режалаштирилган. Бу 2017−2019 йилларда ўрмон фонди ерлари ва фермер хўжаликларида доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш лойиҳасида кўзда тутилган, деб хабар берди ЎзА.

Тадқиқотлар кўрсатишича, заъфарон юртимиз тупроқ-иқлим шароитига тўлиқ мос бўлиб, уни Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида, боғ ва токзорлар қатор ораларида, ўрмон ҳудудларида етиштириш имконияти мавжуд.

Жорий йилдан бошлаб Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ ва Китоб туманларида 4 гектардан, Шаҳрисабз туманида 3 гектар майдонда заъфарон плантацияларини барпо этиш мўлжалланмоқда. Ушбу ўсимликни кўпайтириш мамлакатимизда доривор ўсимликлар хомашёсини маҳаллий шароитда етиштириш, фармацевтика саноати эҳтиёжини таъминлаш ва озиқ-овқат зиравори сифатида экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиради.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 24−25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида заъфарон плантацияларини ташкил этиш маҳаллий фармацевтика саноати учун хомашё манбаини яратишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Заъфарон етиштириш учун мутахассислар тайёрлаш, бунинг учун алоҳида коллежни танлаш ва ёшларни ўқитиш, Тошкент давлат аграр университетида мутахассислар тайёрлаш лозимлигини таъкидлади. Давлат раҳбари заъфарон ўсимлигини етиштириш, келажакда уни кўпайтириш бўйича марказ ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканини қайд этди.

Ўзбекистоннинг иқлим шароитига мос шифобахш ва озиқ-овқат тармоғида ишлатиладиган сано ўти, доривор валериана, бўёқдор рўян, доривор лаванда, тукли эрва, доривор розмарин ва икки бўлакли гинкго каби ўсимликлар аниқланди. Келажакда импорт ўрнини босувчи, экспортбоп бу турларни ҳам мамлакатимизда кўпайтириш, дастлабки плантацияларни ташкил этиш бўйича таклифлар берилди. Мазкур лойиҳанинг ишга тушиши заъфарон ва бошқа доривор ўсимликларнинг энг яхши намуналарини танлаб олиб, уларни кўпайтириш, яхлит соҳа сифатида ихтисослаштириш, фармацевтика, парфюмерия ва озиқ-овқат саноатини маҳаллий хомашё билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Заъфароннинг қизиқ чангчиси асосий хом ашё бўлиб, октябрь-ноябрь ойларида йиғиб олинади ва тайёрлаш пунктларига жўнатилади. Биринчи йил давомида 1 га плантациядан ўртача 4 кг, иккинчи йили — 7−8 кг, сўнгги йилларда — 15−16 кг ҳосил олиш мумкин. Жаҳон бозорида 1 кг бундай хом ашё нархи 400−1000 доллар атрофида нархланади.

Айни пайтда заъфарон 15 дан зиёд мамлакат, жумладан Эрон, Туркия, Озарбайжон, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Австралияда етиштирилади.