Ўзбекистон пойтахтида Мустақиллик кунига (1 сентябрь) қадар «Тошкент-Жанубий» вокзалининг кунига 10 минг нафаргача йўловчига хизмат кўрсатишга қодир янги биноси фойдаланишга топширилади.

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси матбуот хизматининг хабар қилишича, капитал таъмирдан сўнг вокзал яна мамлакатнинг бошқа ҳудудларига рейсларни амалга оширишни бошлайди. Сўнгги йилларда вокзал фақатгина шаҳар атрофидаги йўналишларга хизмат кўрсатаётган эди.

«Тошкент-Жанубий» вокзали реконструкцияси.

Вокзал бир қаватлилигича қолади, туташ ҳудудлар ободонлаштирилади. Вокзал қаршисига фаввора ўрнатилиб, икки томонида автотранспортлар учун тураргоҳ қурилади.

Бино иситиш ва совутиш тизимлари билан таъминланади. Кассалар эса алоҳида бинода фаолият кўрсатади.