Ўзбекистоннинг маданият ва истироҳат боғлари, майдон ва хиёбонларида Янги йил байрами тадбирлари бошланди, деб хабар қилди ЎзА. Мустақиллик майдони, кўчалар, кўплаб боғлар ўйинчоқли арчалар билан безатилди.

Шайхонтоҳур туманидаги «Локомотив-Анҳор» боғи ёнидаги майдонда катта байрам томошалари ташкил этилди. Майдон марказидаги баландлиги 26 метр, айланаси 7 метрдан ортиқ арчага минглаб шар ва ўйинчоқлар, камалакранг чироқлар зеб бериб турибди.

Байрамона муҳитни яратишда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, «Ўзбекнаво» эстрада, «Ўзбектеатр», «Камолот» ЁИҲ, «Тошшаҳарнур», Ўзбекистон давлат консерваторияси ва бошқа кўплаб ташкилот ва бирлашмалар муносиб ҳисса қўшди.

Майдонга қўшимча арчалар, савдо шохобчалари, ўйин майдончалари, арғимчоқлар, аттракционлар, ўйин қурилмалари ўрнатилган. Улкан экранларда ижтимоий видеолавҳалар, мультфильмлар намойиш этилмоқда.

Майдондаги саҳнада Ўзбек Миллий академик драма театрининг «Семурғ» томошаси болажонлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Ранг-баранг концертлар, турли интеллектуал ўйинлар ўтказилиб, қизиқарли томошалар қўйилмоқда.

Янги йил байрамига бағишланган театрлаштирилган-мусиқий тадбирлар Хадра майдони, Юнусобод тумани Сайилгоҳ майдони, Чилонзор тумани «Алгоритм» даҳасидаги «Roison Electronics» корхонаси олди майдони, Яшнобод тумани «Авиасозлар» шаҳарчаси майдони, Мирзо Улуғбек тумани «Локомотив» боғи, Сергели тумани «Бахт диёри» гузари олдидаги майдон ҳамда Бектемир тумани «Қуёшча нури» маданият ва истироҳат боғларида ўтказилмоқда. Бу ерда «Зумрад шаҳарча сеҳргари», «Бахт калити», «Ғаройиб қуш», «Қор маликаси» ва бошқа кўплаб спектакллар билан бирга ранг-баранг мусиқий дастурлар, ўйин ва викториналар, қизиқарли саҳна кўринишлари, цирк усталарининг дастури томошабинларга тақдим этилмоқда.

Фото