2−4 декабрь кунлари Минскда (Беларусь) анъанавий «МДҲ Очиқ Кубоги — таэквондо ITF бўйича жаҳон Кубоги» халқаро мусобақаси бўлиб ўтди, дея хабар қилди Миллий таэквондо ITF асоциацияси «Газета.uz"га.

Мусобақаларда дунёнинг 19 мамлакатидан — Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Чехия, Эстония, Финляндия, Германия, Қирғизистон, Қозоғистон, Шимолий Корея, Латвия, Молдова, Россия, Словакия, Тожикистон, Туркманистан, Украина, Уэльс ҳамда Ўзбекистоннинг 47 вакилини ўз ичига олган 1,2 мингдан зиёд спортчилар иштирок этди.

Турнир якунларига кўра, миллий терма жамоа 34 медал — 17 олтин, 1 кумуш, 16 бронза билан умумий ҳисобда биринчи ўринни қўлга киритди.

Туль (техник комплекслар) йўналишида Жавлонбек Асқаров (3 дан), Заргуна Аҳрорқулова, Александр Четвереков, Фарангиз Алиева (1 дан), Олег Шегай (1 дан) ва Владимир Ли (1 гип) олий ўринни эгаллади. Дмитрий Пак (1 дан), Зуҳра Эргашева (2 дан), Қудрат Мирзабоев (3 дан), Ойгул Болат, Евгений Ким ва Денис Ким бронза медалини қўлга киритди.

Масоги (спарринг) дастурида Жасурбек Салимов (45 кг), Малика Чориева (58 кг), Рухсонабону Саидова (29 кг), Беҳруз Саидов (85 кг), Заргуна Аҳрорқулова (29 кг), Александр Четвереков (40 кг), Маҳфуза Жумабоева (40 кг), Камронбек Тоҳиров (40 кг) биринчи ўринни эгаллади. Мусобақа «кумуш"и Сабина Маҳманазарова (35 кг) томонидан қўлга киритилди. Бахтиёр Исраилов (78 кг), Абдуазим Исраилов (85 кг), Камронбек Ёқубова (57 кг), Муҳаммаджон Умаров (51 кг), Гулжон Бахромова (46 кг), Нафиса Усмонова (23 кг), Шохруҳ Сатторов (71 кг), Дай Лун (40 кг), Игорь Ким (57 кг) бронза медалига сазовор бўлди.

Ўзбекистон термаси эркаклар ўртасида жамоавий спарринг йўналишида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди, ёшлар эса мазкур тоифада учинчи ўринни эгаллади.

Видео