Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан президентликка номзод Наримон Умаров республика ҳудудлари бўйлаб олиб борган сайловолди ташвиқоти доирасидаги охирги учрашувини 28 ноябрь куни Тошкент вилояти сайловчилари билан ўтказди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар қилди. Тошкент вилояти ҳокимияти мажлислар залида онлайн видеоконференция тарзида ўтказилган тадбирда жами 4500 нафарга яқин сайловчи иштирок этди.

Наримон Умаров ўз сўзида мамлакатда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотларининг қарийб 15 фоизи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 12 фоиздан зиёди, иқтисодиётга жалб этилаётган инвестицияларнинг тахминан 10 фоизи, ЯИМнинг эса 9,7 фоизи Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келишини қайд этди.

Номзод Тошкент вилояти минерал-хомашё манбаларига бойлиги, қулай транспорт-логистика тизимига ва инфраструктурага эгалиги, меҳнат ресурсларининг кўплиги ҳамда ишбилармонлик муҳити яратилгани билан хорижий инвесторлар учун жозибадор ҳудуд саналишига қарамай, бугунги кунда ўзлаштирилаётган хорижий сармоялар ҳажми вилоятнинг иқтисодий салоҳияти учун етарли эмаслигини таъкидлади.

Президентликка номзод инвестиция таклифларини чуқур ўрганиш ва инвесторларнинг ишлаб чиқаришни модернизациялаш, янги техника ва юксак технологияларни киритиш, рақобатдош, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларини қатъий назорат остига олиш асносида корхона ва муассасаларни босқичма-босқич хусусийлаштириш сиёсатини давом эттиришга диққатини қаратди.