Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Дастурда кенг кўламли иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни изчил давом эттириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин олиш, аҳоли фаровонлиги ва ҳаёт даражасини янада оширишга доир стратегик мақсадлар ўз ифодасини топган.

Давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қайта кўриб чиқиш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик учун янада кенг йўл очиб бериш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш, фермерлик ҳаракатини янги босқичга кўтариш, маҳаллийлаштириш дастурларини изчил давом эттириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Видеоконференция шаклида ўтган учрашувда Нукус шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманлари марказидан сайловчилар иштирок этди.