Ўзбекистон миллий терма жамоаси «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати-2018 Осиё саралаш мусобақаси учинчи босқичи тўртинчи тур учрашувида Хитой жамоаси устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Голларни учрашувнинг иккинчи таймида Марат Бикмаев ва Отабек Шукуров рақиб дарвозасига киритди.

«Биз учрашувни яхши ўтказдик ва олдинга катта қадам ташладик», — дея маълум қилди Ўзбекистон термаси мураббийи Самвел Бабаян учрашувдан сўнг. «Бугун биз ҳужумда муваффақиятли ҳаракат қилдик. Хитойнинг қарши ҳужумга ўтишини билар эдик ва шу сабабли ортга қайтиб ўйнадик. Ҳаммаси режадагидек ўтди».

Хитой мураббийи Гао Хунбо учрашувдан кейинги матбуот анжуманида ўз истеъфоси тўғрисида маълум қилди. Хитой мутахассиси журналистларнинг саволларига жавоб беришдан бош тортди. Тўртта ўйин давомида ХХР термаси бирорта ҳам ғалабани қўлга киритмади. Уч ўйинда мағлубиятга учраган бўлса, биттасида дуранг қайд этилди. Мазкур натижалар жамоани, А гуруҳида 1 балл билан энг пастки поғонани банд этишига хизмат қилди. Ўзбекистон 9 очко билан гуруҳда иккинчи ўринда кетмоқда. Уй учрашувида Жанубий Кореяни 1:0 ҳисобига мағлубиятга учратган Эрон термаси гуруҳда пешқадамлик қилмоқда.

Статистика

Фото