Сенятбрь ойи охирида Ўзбекистон бош вазирининг виртуал қабулхонаси орқали Ички ишлар вазирлигига 3500 дан зиёд мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда ЎзАга ИИВ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Турғунов маълум қилди.

«Мурожаатларнинг 40 фоизи прописка, биопаспорт олиш ва фуқаролик масалаларига тааллуқли. Мурожаатларнинг 80 фоиздан ортиғи Тошкент шаҳри ҳамда Андижон, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келади», — қайд этди у.

Унинг таъкидлашича, мурожаатларнинг маълум қисмини ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан, фуқароларга нисбатан содир этилган ўғирлик, фирибгарлик, шунингдек, тергов ҳаракатларини амалга оширишда йўл қўйилган камчиликлар, профилактика инспекторлари фаолияти йўналишида, ички ишлар органларига ишга кириш ва қайта тиклаш ҳамда шу каби бошқа масалалар ташкил этмоқда.

Илҳом Турғуновнинг таъкидлашича, вазирликда бош вазирининг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушаётган мурожаатлар билан ишловчи махсус бўлим ташкил қилинди. Бўлим зарурий техник воситалар билан тўлиқ таъминланди ва унинг фаолияти алоҳида назоратга олинди.

«Келиб тушаётган мурожаатларнинг тез ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида улар фақат вазирликнинг марказий аппарати томонидан кўриб чиқилиши йўлга қўйилди, — қўшимча қилди бошқарма бошлиғи. — ИИВнинг барча марказий соҳавий хизматларига виртуал қабулхона орқали келиб тушган ҳар қандай мурожаат бўйича шахсан биринчи раҳбарнинг масъуллиги белгиланди. Соҳавий раҳбарга ариза бўйича тўлиқ ва сифатли маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш вазифалари юклатилган».

Ички ишлар органларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши билан боғлиқ мурожаатлар ҳамда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)дан келган ҳар бир ариза ва шикоят вазирлик раҳбарияти томонидан алоҳида назоратга олинган.

«Бироқ кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ҳанузгача мурожаатлар билан ишлашда ходимларимиз томонидан хато ва камчиликларга йўл қўйиш ҳолатлари мавжуд. Жумладан, ариза ва шикоятларни тўлиқ ва сифатли кўриб чиқмаслик, аризачига текширув ва кўриб чиқилган ҳолат юзасидан асослантирилган жавоб хатларини юбормаслик, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш муддатларига амал қилмаслик каби салбий ҳолатлар учраб турибди», — тан олди у.

«Ўтказилган текширувлар жараёнида аниқланган ҳар қандай салбий ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилиб, айбдор ходим ва унинг раҳбарларига тегишли чоралар кўрилаётир. 2016 йилнинг 9 ойида мурожаатлар билан ишлаш жараёнида йўл қўйган хато ва камчиликлари учун 200 нафардан ортиқ ички ишлар органлари ходими турли интизомий жавобгарликка тортилди», — хабар қилди ЎзА суҳбатдоши.