8 октябрь куни Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида бўлиб ўтган дзюдо бўйича тўртинчи Гран-при якунига етди. Унда 15 мамлакатдан 135 спортчи иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоаси номидан эса 56 дзюдочи (28 эркак ва 28 аёл) қатнашди.

Ўзбекистон жамоаси 14 та вазн тоифасида 20 медаль — 6 та олтин, 3 та кумуш ва 11 бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи поғонани банд этди. Кейинги ўринларни эса Қозоғистон (3−2−5) ва Россия (3−2−4) эгаллади.

Мусобақа доирасида Ўзбекистон аёллар дзюдосида тарихий ҳодиса қайд этилди — Гулноза Матниязова халқаро турнирлардаги биринчи олтин медални қўлга киритди.

Мусобақа регламентига кўра, ғолибларга пул мукофотлари қуйидаги тартибда тақсимланади: биринчи ўрин — олтин медаль ва 3000 АҚШ доллари (спортчига — 2400, мураббийга — 600), иккинчи ўрин — кумуш медаль ва 2000 доллар (1600, 400), иккита учинчи ўрин — бронза медали ва 1000 доллар (800, 200).

Ўзбекистон дзюдо федерацияси тўрт йил мобайнида ҳар йили Гран-при мусобақаларини ўтказиш бўйича 2013 йилда имзоланган шартнома мажбуриятларини адо этди.