Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Жиноят кодексининг 276-моддаси («Транспорт воситасини олиб қочиш»)га ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Ўзгартиш киритиш тўғрисидаги таклиф парламент қуйи палатасига Бош прокуратура томонидан илгари сурилди.

«Олиб борилган таҳлилларга кўра, сўнгги уч йил мобайнида транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари 65 фоизга ошган», — Қонунчилик палатаси ахборот хизмати депутат Шерзод Тўхташев сўзларидан иқтибос келтиради.

Қонун лойиҳасига кўра, оғирлаштирувчи ҳолатларсиз автотранспорт воситасини олиб қочганлик учун 5 йилдан 10 йилгача (амалда — 3−5 йилгача), бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган бўлса 10 йилдан 15 йилгача (амалда — 5−10 йилгача), уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бўлса, 15 йилдан 20 йилгача (амалда — 10−15 йил) озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш кўзда тутилмоқда.