4 октябрь куни Брюсселда ташқи ишлар вазирларининг «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» форматидаги 12-учрашуви бўлиб ўтди.

Ташқи ишлари вазирлари: Ўзбекистондан- Абдулазиз Камилов, Қозоғистондан — Ерлан Идрисов, Қирғизистондан — Эрлан Абдилдаев, Тожикистондан — Сироджидин Аслов ва Туркманистондан — Рашид Мередов ҳамда ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини ва ЕИнинг халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича комиссари Невен Мимица ўртасида музокаралар ўтказилди.

ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашувда Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро манфаатларга тааллуқли халқаро масалалар, жумладан, умумий таҳдидлар ва барқарорликка чақириқлар, миграция, иқтисодий ўсиш, янги ишчи ўринларни ташкил этиш ва иш билан таъминлаш учун имкониятларни кенгайтириш, хусусий секторни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва таълим сингари кўплаб мавзуларни ҳам кўриб чиқди. Савдо ва инвестицион салоҳиятдан тўлақонли фойдаланишнинг аҳамияти қайд этилди.

«Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» форматидаги келгуси вазирлар учрашуви 2017 йилда Ўзбекистонда ўтказилади.