Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузурида Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация маркази ташкил этилади. 19 сентябрда Ўзбекистон Президентининг шу ҳақдаги қарори имзоланди.

Ҳужжатда қайд этилишича, марказни ташкил этишдан кўзланган мақсад республиканинг ёш олимлари ва талабалари жаҳон амалиёти ва халқаро андозаларга мувофиқ илмий тадқиқотлар олиб боришнинг замонавий, илғор усул ва технологияларини эгаллашлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, республика иқтисодиётининг базавий тармоқлари учун Япония илмий ва таълим муассасаларининг олимлари ҳамда етакчи-мутахассислари иштирокида юқори малакали мутахассисларни сифатли тайёрлашдан иборат.

Ўзбекистон ва Япония ҳукуматлари 2015 йил 25 октябрда инновациялар марказини ташкил этиш тўғрисидаги меморандумни имзолаган эди. Япония томонидан Цукуба, Нагоя, Кейо, Тойохаши технология университети ва Токио технология институти иштирок этади.

Марказда ёш мутахассис ва талабаларнинг саноат намуналари, қурилмалар, технологик жараёнлар ва ечимлар бўйича илмий ҳамда техник ғояларини амалга оишириш имконияти тақдим этилади.

Бу ерда миллий ва хорижий ташкилотлар, илмий ва таълимий доираларнинг буюртмалари асосида ҳамкорликда экспериментал ҳамда амалий илмий тадқиқотлар олиб борилади.

Марказ ходимлари сони 27 нафарни ташкил этиб, уларнинг 4 нафари япон мутахассисларидан иборат бўлади.