Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 12 августда қабул қилиниб, 24 августда Сенат тасдиғидан ўтган «Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонунни имзолади. Қонун 17 сентябрь куни «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида эълон қилинди ва олти ойдан сўнг кучга киради.

Қонун ички ишлар органларининг асосий вазифалари ва улар фаолиятининг йўналиш ва тамойилларини белгилаб беради. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мол-мулкларини қўриқлаш, конституцион тузум, қонун устуворлиги, шахслар, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бошқалар асосий вазифалар сифатида келтириб ўтилган.

Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, ягоналик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш, очиқлик ва шаффофликдан иборат.

Ички ишлар органлари ходимлари ўз фаолиятида Конституция, янги қонун ва бошқа қонунчилик актларига аниқ риоя қилиши ва талабларини бажариши шарт. Ички ишлар ходимларининг ўз фаолиятида қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабга кўра юз берганидан қатъи назар, қонунийликни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Ички ишлар органлари ходимлари хизмат мажбуриятларини бажариш чоғидаги ўзининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) оқлаш учун хизмат манфаатларини, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини, юқори турувчи мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф талаблари, буйруқлари ва фармойишларини ёки қонунга мувофиқ бўлмаган бошқа бирор-бир ҳолатни рўкач қилиши мумкин эмас. Ички ишлар органларининг ходимларига кимнингдир ғайриқонуний ҳаракатларини содир этишга бевосита ёки билвосита қизиқтириш, кўндириш, ундаш тақиқланади.

Қонунга мувофиқ, ички ишлар органлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъи назар ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт.