Душанба куни Самарқанддаги «Форумлар мажмуаси"да Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоевга Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюргани учун миннатдорлик билдирди.

Ушбу ташриф меҳр-оқибат ва аҳиллик айёми — Қурбон ҳайити кунларида амалга оширилгани Ислом Каримов билан Нурсултон Назарбоевнинг муносабатлари, дўстлиги юксак даражада бўлганини намоён этганини қайд этиб ўтди.

Бу дўстлик халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорликка асос бўлганини, бундай яқин муносабатлар изчил давом эттирилажагини алоҳида таъкидлади.

Нурсултон Назарбоев Ислом Каримов Ўзбекистоннинг мустақиллиги, иқтисодиёти ва сиёсатини белгилаб берган улуғ давлат арбоби, ўзбек халқининг буюк фарзанди, дунё миқёсидаги етакчи бўлганини алоҳида таъкидлади.

Ислом Каримов халқаро анжуманларда ҳар доим ҳал қилувчи ўрин тутганини, энг мураккаб пайтларда ҳам тинчлик ва барқарорликни таъминлагани, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлиги ривожига улкан ҳисса қўшганини ёдга олди.

«Унинг бутун фаолияти тарихи, дини ва маданияти бир бўлган халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Мазкур анъанани сақлаб қолиш жуда муҳим. Биз ҳар қандай масала, хоҳ икки томонлама учрашувлар жараёнида, хоҳ халқаро ташкилотлар иши доирасида бўлсин, ўзаро якдил қарорларни топа олганмиз. Дўстона муносабатларимизни келгусида ҳам мустаҳкамлаб боришимиз зарур», — қайд эитб ўтди Қозоғистон Президенти.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Видео