Иордания пойтахти Амман шаҳрида бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича 4- халқаро Афро-Осиё чемпионати Ўзбекистон қизлар терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди.

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, мусобақада қатнашган етти спортчи қизнинг олти нафари совринли ўринларни қўлга киритди.

Вазни 53 кг гача бўлган спортчилар беллашувида Марина Сисоева, 69 кг вазн тоифасида Манзура Мамасолиева ва 75 кг вазн тоифасида Омадой Отақўзиева ҳар уч йўналиш — даст кўтариш, силтаб кўтариш ва иккикураш баҳслари якунларига кўра учтадан олтин медалга сазовор бўлди. Силтаб кўтаришда яна бир спортчи Муаттар Набиева барча рақибларини ортда қолдириб, мусобақанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

69 кг оғирликдаги қизлар баҳсида кумуш медал ҳам Ўзбекистон вакиласига насиб этди. Гулноза Ахматова Манзура Мамасолиевадан кейинги ўринни банд этди. Гулноза ҳам ўз навбатида ҳар уч йўналишда кумуш медалларни қўлга киритди. Делегациянинг яна бир аъзоси Далера Давронова бронза медали билан тақдирланди. Шундай қилиб, мусобақа якунларига кўра Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жами 4 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медаллини қўлга киритиб, умужамоа ҳисобида 31 мамлакат орасида биринчи ўринни эгаллади ва 4-халқаро Афро-Осиё чемпионатининг Бош мукофотига сазовор бўлди.

Мазкур мусобақада яқиндагина Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимипия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган эркаклар термаси иштирок этмади. Оғир атлетика федерацияси томонидан эркаклар терма жамоасига нуфузли мусобақадан сўнг жисмоний холатини тиклаб олиш учун бироз дам беришга қарор қилинган.