Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактабларида ўқув йили мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга бағишланган «Хотира дарслари» билан бошланади. Бу ҳақда «Газета.uz"га Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирликнинг ойдинлик киритишича, ўқув йили 4 сентябрь, якшанба куни бошланади.

«Хотира дарслари"да ўқувчиларга Президент Ислом Каримовнинг Ватан мустақиллиги, халқ озодлиги йўлида кўрсатган фидойилиги, миллат олдидаги юксак хизматлари тўғрисида сўзлаб берилади.

ХТВ маълумотларига кўра, 2016−2017 ўқув йилида 9692 та умумтаълим мактабида 4,7миллион ўқувчи таълим олишни давом эттиради. 640 минг нафар бола 1- синфга қадам қўяди. Уларнинг барчасига 12 номдаги ўқув қуроллари ва ўқувчи сумкасидан иборат «Президент совғаси» тақдим этилади.

Янги ўқув йилига қадар республика бўйича 371 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шундан 29 таси янгидан қуриб фойдаланишга топширилган бўлса, 239 таси реконструкция қилинди, 103 таси капитал таъмирланди. Ушбу мақсадларга қарийб 400 млрд сўм маблағ ажратилди.

Йил сўнгига қадар 217 умумтаълим мактабида спорт заллари қурилиб, замонавий спорт анжомлари ва ускуналари билан тўлиқ таъминланади.

Янги ўқув йилида қарийб 7000 нафардан зиёд ёш мутахассис умумий ўрта таълим мактабларида илк фаолиятини бошлайди.