Тошкентнинг Яккасарой туманида Муқимий ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасида май ойида бошланган йўл ўтказгич қурилиши якунланиш арафасида.

«Правда Востока» нашри маълумотларига кўра, мазкур чорраҳада қурилиш ишлари бошланишидан аввал ҳаракат жадаллиги соатига 11,5 минг машинани ташкил этган. Ваҳоланки, кўча имконияти соатига 6000 машина ўтказишга мўлжалланган эди.

Тўрт қаторли ёйсимон кўринишдаги йўл ўтказгич «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ кўприк қурувчилари томонидан бунёд этилмоқда. У Нукус кўчасининг собиқ «Тоштекстильмаш» заводига бориб тақалувчи 900 метрлик берк кўчаси билан бирлашади.

Йўл ўтказгич қурилиши билан бир қаторда мазкур ҳудуд ободонлаштирилиб, биноларнинг олд қисми реконструкция қилинмоқда. Пиёдалар учун ер усти ўтиш йўли барпо этилмоқда.

2014 йилда очилган Нурафшон кўчасининг «Тинчлик» метро бекатидан Оқтепа майдони ва Муқимий кўчаси орқали Нукус кўчасига боғланиши натижасида Тошкентда учинчи транспорт ҳалқа йўли пайдо бўлади. У Қодирий ва Рашидов шоҳ кўчаларини ҳам ўз ичига олиб, жами узунлиги 22 км масофани ташкил этади.

«Кичик ҳалқа йўли қолган кўчаларда ҳаракатланишни енгиллатиб, Чилонзор марказидан Эски шаҳарга ва ортга тезроқ етиб боришга имкон туғдиради. У пойтахтнинг саккиз туманини ўзаро боғлайди», — деб ёзади «Правда Востока».

Фото