XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг биринчи куни Диёрбек Ўрозбоев Ўзбекистон делегацияси ҳисобига бронза медалини келтирган бўлса, иккинчи куни яна бир дзюдочи Ришод Собиров шоҳсупага кўтарилди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Бунга қадар Ришод Собиров 2008 йили Пекин шаҳрида ва 2012 йили Лондон Олимпия ўйинларида бронза медалини қўлга киритган эди. Ҳар икки Олимпия ўйинларида тажрибали полвон 60 кг вазн тоифасида совриндорлар сафидан ўрин эгаллаган бўлса, Рио-де-Жанейрода 66 кг вазн тоифасида дунёнинг етакчи полвонларидан бири эканлигини яна бир бора исботлади.

Саралаш баҳсларида Беларусь ва Аруба дзюдо усталарини енгган Ришод, чорак финал баҳсида кореялик спортчига имкониятни бой берди. Шундан сўнг, ўтиш мусобақасида бронза медали учун курашни давом эттирган ўзбекистонлик дастлаб Доминикан Республикаси вакилини, сўнгра словениялик полвонни мағлуб этди ва қаторасига учинчи Олимпия ўйинларида совриндорлар сафидан ўрин эгаллади.

«Албатта, хурсандчилигимнинг чегараси йўқ. Қаторасига учинчи Олимпиадада бронза медалига сазовор бўлиш айтишга осон. Бундай ғалабаларга ўз-ўзидан эришиб бўлмайди», — дейди Ришод Собиров.

«Ушбу ғалабани Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлайман», — деб қўшимча қилди спортчи.