2 август куни Рио-де-Жанейро (Бразилия)даги Олимпия қишлоғида Ўзбекистон байроғини кўтаришга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Маросимда бир кун аввал етиб келган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари, ХXXI ёзги Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси ва Рио-де-Жанейро вакиллари иштирок этди.

Олимпия қишлоғи мэри баскетбол бўйича Бразилия термаси таркибида жаҳон чемпиони бўлган Жанет дус Сантуш Аркаин Ўзбекистон делегациясини Олимпиадага ташрифи билан қаршилаб, уларга бўлғуси мусобақаларда омад ёр бўлишини тилади.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари, бош вазир ўринбосари Адҳам Икрамов Олимпия қишлоғи мэрига миннатдорчилик билдириб, унга делегация номидан совғаларни тақдим этди.