Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари ҳудудида «Сайгачий» комплекс (ландшафтли) буюртмахонаси ташкил этилади. Бу ҳақда Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ахборот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Буюртмахонани ташкил этиш Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 22 июлдаги Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси таклифи бўйича ишлаб чиқилган «Комплекс (ландшафтли) буюртмахоналар яратиш ва фаолиятини ташкил этиш масалаларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

«Сайгачий» буюртмахонаси базасида ташкил этилаётган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасасига доимий фойдаланиш учун бешта участкани ўз ичига олган 628,3 минг га ер майдонини ажратиш белгиланган. Мазкур участкалар сайғоқлар ва бошқа ноёб жониворлар яшаши учун табиий шароитларга бирмунча яқин. Бу ерда сайғоқлар кўпаядиган ҳудуд жойлашган бўлиб, яхшигина яйлов ва сув ичиш жойлари мавжуд.

Бундан ташқари, хўжалик ва бошқа фаолиятларнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида ландшафтли буюртмахона ҳудудида 219,8 минг га майдондаги қўриқланадиган зона ташкил этиш ҳам белгиланган. Қўриқланадиган ҳудуддаги жисмоний ва юридик шахсларга тегишли ер участкалари олиб қўйилмайди.

Комплекс буюртмахона фаолияти Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва рационал фойдаланиш инспекциясининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Қайд этилишича, комплекс буюртмахонанинг ташкил этилиши сайғоқлар ва бошқа ноёб жониворлар ҳамда ўсимликлар популяциясининг кўпайишига хизмат қилади.

Қарорда мазкур тоифадаги қўриқланадиган табиий ҳудудлар учун ягона бўлган Комплекс (ландшафтли) буюртмахоналар тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.