Бўстонлиқ туманидаги «Камолот» ёшлар оромгоҳида ёш журналистлар учун медиа-тренинг ўтказилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Медиа-тренингда «Камолот» ЁИҲ тизимидаги янгиликларни ёритишда қатнашаётган матбуот хизмати вакиллари, ҳаваскор ижодкорлар ҳамда тажрибали журналистлар иштирок этди. Машғулотлар давомида телевидение, матбуот, интернет-журналистика, фотожурналистика йўналишлари бўйича ўтказилган амалий машғулот ва семинарларда ёшлар фаол иштирок этиб, маҳоратини оширди.

«Ҳар йили 150 ёш журналистга телевидение, матбуот, интернет журналистика йўналишларида „Оммавий ахборот воситаларида ижтимоий мавзуларни ёритиш“, „Ахборот хуружларидан ҳимояланиш усуллари ва унга қарши ОАВ орқали курашиш“, „ОАВдаги мавжуд муаммолар: миллий ва хорижий тажриба мисолида“ каби мавзуларда илмий-амалий машғулотлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади, — дейди „Камолот“ ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. — Бу йилги медиа-тренингда ана шу анъаналарни давом эттирган ҳолда қўшимча тарзда фотожурналистика йўналиши ҳам ташкил қилинди».

Тадбир якунида медиа-тренинг иштирокчиларига сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.

Медиа-тренинг «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.