Туркия миллий разведкаси шанбага ўтар кечаси бир гуруҳ ҳарбийлар томонидан давлат тўнтарилишига уринишнинг олди олингани тўғрисида маълум қилди.

«Туркияда ҳарбий тўнтарилишга барҳам берилди», — дея маълум қилди Миллий разведка ташкилоти матбуот котиби Нух Йилмаз. Аввалроқ гаровга олинган Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи Хулуси Акар ўз ишига қайтди, деди у.

Daily Sabah хабарига кўра, полиция исёнда иштирок этган кўплаб ҳарбийларни қўлга олди.

Анқарада бир қатор муҳим объектлар, жумладан, Бош штаб, полиция ва ИИВ штаб-квартираси ўққа тутилган. Парламент биносига авиаҳужум содир этилган. Телевизион студиялар қўлга олинган.

Президент Ражаб Тойип Эрдоғаннинг чақириғидан сўнг Туркиянинг йирик шаҳарлари кўчаларига минглаб кишилар тўнтарилишга қарши эканини билдирган.

Исён вақтида президент Туркия жануби-ғарбидаги Мармарис меҳмонхонасида бўлган. Истанбул аэропортига келиб тўнтарилишга бўлган уриниш тўлиқ бартараф этилишини маълум қилган.

«Мен ўз халқим билан қоламан ва ҳеч қаерга кетмайман», — деди Ражаб Тойип Эрдоған матбуот анжуманида. «Биз армиямизни сотқинлардан тозалаймиз. Улар халққа қарши қурол кўтарди».

РИА Новости маълумотларига кўра, ҳарбий тўнтарилиш қурбонлари сони 60 кишига етган, улар орасида оддий фуқаролар ҳам бор.