15−17 июль кунлари Тошкентдаги Республика олимпия захиралари теннис мактаби базасида Осиё ва Океания ҳудуди биринчи гуруҳида Дэвис Кубоги мусобақалари доирасида Ўзбекистон ва Хитой термалари ўртасида учрашувлар бўлиб ўтади. Ғолиб жамоа жаҳон лигасига чиқиш учун плей-офф баҳсларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади, дея хабар қилди Теннис федерацияси матбуот хизмати.

Жамоавий жаҳон чемпионатларида мазкур термалар саккиз маротаба учрашган. Умумий ҳисоб — 5:3 ўзбекистонликлар фойдасига. Илк баҳслар йигирма йил муқаддам бўлиб ўтган. 1995 йил Ўзбекистон Хитой теннисчилари билан Осиё ва Океания ҳудуди иккинчи гуруҳидан биринчи гуруҳига чиқиш беллашувида кичик 2:3 ҳисобида мағлубиятга учраган эди.

Саккизинчи учрашув эса 2014 йилда бўлиб ўтди. Ўшанда рақиблар жаҳон биринчилигига чиқиш учун саралаш баҳсларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида беллашган эди. Драматик кечган баҳсларда ўзбекистонликлар меҳмонлар устидан 3:2 ҳисобда ғалаба қозонди. Беш сетда Зе Жанг устидан ғолиб чиққан Фарруҳ Дўстов ғалаба нуқтасини қўйди.

Ўтган икки йил давомида терма жамоалар таркиби деярли ўзгаришсиз қолди. Хитой квартети етакчиси — 25 ёшли Ди Ву жаҳон профессионаллар рейтингида 158- ўринни эгаллаган. Унга Зе Жанг (160) ёрдам беради. тажрибали Же Ли ўрнига эса МаоКсин Гонг ва Янь Бай жуфтлиги чиқиши режалаштирилган. Айнан ушбу жуфтлик Дэвис Кубоги биринчи турида Покистон жуфтини 5:0 ҳисобига мағлубиятга учратди.

Ўзбекистонликлар жорий йил қуръа натижаларига кўра бошланғич босқични курашсиз ўтказишди, шу боис жамоавий мусобақаларда ўйин амалиёти бўлмади. Терма жамоа таркибидан эса Денис Истомин (116) ва Фарруҳ Дўстов (222), Санжар Файзиев (578) ва Жўрабек Каримов (754) ўрин олган.