Ўзбекистонда куйдирги, оқсил ва бошқа турдаги хавфли касалликлар юртимизга четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида бозорларда, кушхона, сўйиш майдончалари, гўшт дўконлари ва бошқа жойларда чорва моллар миграцияси устидан давлат ветеринария назорати янада кучайтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғи Баҳром Норқобиловнинг ЎзАда эълон қилинган мақоласида сўз боради.

«Қўшни давлатлар билан чегара ҳудудлардаги барча чорвачилик объектлари дезинфекция қилиниб, чорва моллари кўрикдан ўтказилиб, чўмилтириш тадбирлари амалга оширилди. Қўшни давлатлардан олиб келинаётган чорвачилик маҳсулотлари ва ҳайвонларни юртимизга киритиш борасида баъзи чекловлар ўрнатилди «, — дея қайд этди Баҳром Норқобилов.

Чорва моллари ва ҳайвонларнинг юқумли касалликларига қарши чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, ширкат ва фермер хўжаликлари, аҳоли қарамоғидаги чорва моллари мунтазам клиник кўрикдан ўтказилмоқда. Жойларга дезинсекция ва чўмилтириш воситалари етказиб берилмоқда.

«Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида жорий йилда 230 мингга яқин чорвачилик объектлари дезинфекция қилиниб, 24 миллиондан ортиқ чорва профилактик чўмилтирилди. 30 миллион бошдан ортиқ чорва моллари куйдирги, 6 миллион 182 минг бош чорва оқсил касаллигига қарши эмланди», — дейилади мақолада.

Чорвани ўта хавфли касалликларга қарши эмлаш учун вакциналар бепул ажратилмоқда. Жойларда тизимли равишда эпизоотологик мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Барча тоифадаги хўжаликларда эҳтиёткорликни янада ошириш, юқумли касаллиги гумон қилинган чорва молларини алоҳида сақлаш учун махсус жойлар ташкил этилган. Эҳтиёт шарт сифатида саҳро зоналарида керакли кийим-кечак, асбоб-анжомлар билан таъминланган эпизоотияга қарши отрядлар фаолият юритмоқда.

Маълумки, чорва молларининг катта қисми шахсий хўжаликларда боқилади. Уларнинг эгаси ҳайвонларни асрашни билиши ва бу борадаги талабларга қатъий риоя қилиши касалликлар тарқалишига қарши энг мустаҳкам тўсиқдир. Мисол учун, мол олиб-сотилганда ёки вақти-вақти билан уни ветеринар назоратидан ўтказиш керак, дея қайд этиб ўтди бошқарма бошлиғи. Ўтган давр мобайнида 6 мингдан зиёд маҳаллаларда аҳоли орасида ҳайвонларнинг хавфли юқумли касалликлари келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган семинарлар ташкил қилиниб, эслатма ва буклетлар тарқатилди.

Жойларда олиб борилаётган эпизоотияга қарши тадбирларнинг ўз вақтида ва самарадорлигини ошириш мақсадида Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан минг дона пуркагич, тўрт юз дона эмламаларни олиб юриш учун махсус термосумкалар, юздан ортиқ мотоцикллар харид қилиниб, қишлоқ жойлардаги ветеринария хизмат кўрсатиш нуқталарига етказиб берилди.

Эпизоотияга қарши ишларни мувофиқлаштириш мақсадида мамлакат, вилоят ва туманлар кесимида штаблар тузилиб, ҳайвонларни профилактик эмлаш, ташхислаш, даволаш, чўмилтириш, чорвачилик объектларини профилактик дезинфекциялаш ишларининг таҳлили олиб борилмоқда.

Ўзбекистон ҳудудига ҳайвонларнинг хавфли юқумли касалликларининг кириб келишига йўл қўймаслик ҳамда тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган эҳтиёткорлик чоралари натижасида мамлакат ҳудудида барқарор эпизоотик вазият сақланмоқда, деди Баҳром Норқобилов.