Хитой Ўзбекистонга 2,7 млрд долларлик кредит ажратади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон парламентарийлари олдидаги чиқишида маълум қилди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, кредит ажратиш тўғрисидаги ҳужжатлар ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг давлат ташрифи доирасида имзоланди.

Ташиф чоғида имзоланган ҳужжатларда умумий қиймати 6,2 миллиард долларлик объектлар қурилишини назарда тутилган, дея таъкидлади Президент.

Ислом Каримов Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Си Цзиньпин билан биргаликда нутқ қилди.

«Бундай [Хитой каби] давлатнинг стратегик ҳамкори бўлиш биз учун катта шараф», — дея қайд этиб ўтди Ўзбекистон раҳбари ўз сўзида.

Аввалроқ хабар қилинганидек, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги музокаралар жараёнида ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик йўлидаги савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш, халқаро ишларда хавфсизлик ва мувофиқлаштириш бўйича ҳамкорлик мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Хитой сармоясининг ўзбек иқтисодиётидаги умумий ҳажми 6,5 млрд доллардан ошади.