Францияда халқаро Ибн Сино мукофоти таъсис этилди. «Жаҳон» ААнинг хабар беришича, мукофот буюк олимнинг тиббиёт, фалсафа ва маданият соҳаларидаги илмий ҳамда инсонпарварлик руҳидаги меросини жонлантириш, академик ва илмий алмашинувлар, маданий ва цивилизация мулоқотларини ривожлантиришга йўналтирилган.

«Халқаро илмий жамоатчилик вакиллари, тиббиёт соҳаси ходимлари ва мутахассислари, шунингдек, тиббиёт доҳийсининг илмий ва инсонпарвар ғояларини ўрганиш ҳамда жонлантиришга ўз улушини қўшаётган ташкилотлар мазкур мукофотни қўлга киритишлари мумкин», — деди ўзида Франция ва Ўрта Ер денгизи мамлакатларининг кўплаб илмий, маданий ва таълимий муассасалар тармоғини мужассам этган «MED21 дастури» ассоциацияси президенти, профессор Муҳаммад Нодир Азиз.

Мукофотни топшириш маросими Франция Миллий тиббиёт академиясида бўлиб ўтди. «MED21 дастури», «Авиценна-Франция» ассоциациялари ва Франция тиббиёт академияси вакилларидан иборат ҳакамлар қарори асосида мукофотнинг илк лауреатлари номи маълум бўлди.

  • Пьер Морель (Франция), «Фарос» расадхонасининг маданият ва диний плюрализм бўйича директори, элчи, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича собиқ махсус вакили;
  • Қодиржон Кескинбора, Баҳчешеҳир тиббиёт тарихи университети (Туркия) профессори;
  • Жуль Янссенс, Лувен университети (Бельгия) профессори;
  • Мериям Себти, Илмий тадқиқотлар миллий маркази (Франция) илмий ходими;
  • Ўзбекистон Фанлар академияси;
  • «Ибн Сино» жамоатчилик фонди (Ўзбекистон).

«Ибн Сино номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилиши жуда муҳим ҳодиса ҳисобланади, — дея қайд этди француз сенатори, собиқ бош вазир Жан-Пьер Раффарен „Жаҳон“ ААга берган интервьюсида. — У Европа, Ўрта Ер денгизи ва Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, мусулмон, христиан ва бошқа цивилизациялар ўртасидаги илмий ва маданий алмашинувларни янада фаоллаштиради. Мукофот олдида динлараро ва цивилизациялараро мулоқотларни жонлантириш кабилардан иборат вазифалар мавжуд».