Нафас олиш билан боғлиқ муаммо сабабли шифохонага ётқизилган афсонавий боксчи Муҳаммад Али жума куни АҚШда 74 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда Р-Спорт. Мазкур хабар чемпионнинг Твиттер-аккаунтида ҳам тасдиқланди.

Муҳаммад Али умрининг сўнгги бир неча кунини ўтказган Финиксдаги шифохонада ҳаётдан кўз юмди. Америка телекомпаниялари спортчининг оила аъзоси ҳам унинг ўлимини тасдиқлаганини маълум қилди.

3 июнь куни Муҳаммад Али нафас олиш билан боғлиқ муаммо сабабли шифохонага ётқизилгани маълум бўлган эди. Кейинроқ шифокорлар унинг яқинларига спортчининг ўлим ёқасида эканини хабар қилган.

Муҳаммад Али 1960 йилги Олимпия ўйинлари ғолиби ва оғир вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони (1964-1966, 1974-1978) ҳисобланади.