Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 3 июнь куни Афғонистон Ислом Республикасининг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Сайид Шаҳобуддин Темурийни қабул қилди.

ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, элчи ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг бўлажак йиғилишига доир масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Афғонистон мазкур ташкилотда кузатувчи давлат сифатида иштирок этади.

Афғонистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Муҳаммад Содиқ Даудзай Тошкентдаги фаолиятини ўтган йилнинг майида тамомлаган эди.