UZINFOCOM маркази Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги кўмагида миллий Davra.uz ижтимоий тармоғини ишлаб чиқди. Унинг тақдимоти 1 июнь куни бўлиб ўтди.

Янги ижтимоий тармоқнинг асосий афзаллиги унинг Tas-IX тармоғида жойлашгани бўлиб, маҳаллий интернет-провайдерлар унга киришни бепул таъминлайди, дейилди тақдимотга бағишланган матбуот анжуманида.

Davra.uz ижтимоий тармоғида ID.UZ орқали авторизациядан ўтиш мумкин. Мобиль қурилмалар орқали ҳам фойдаланиш имконияти мавжуд бўлиб, интерфейс ўзбек ва рус тилларида ишлаб чиқилган.

Davra.uz фойдаланувчилари ўз синфдош ва курсдошлари (таълим олган жойини кўрсатган ҳолда), ҳамкасблари (иш жойини кўрсатган ҳолда)ни топишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, қизиқишлар бўйича очиқ ва ёпиқ турдаги гуруҳларни яратиш имконияти мавжуд. Шунингдек, саҳифалар яратиш ёки ушбу тизимни бизнесни ривожлантириш сифатида ҳам қўллаш мумкин.

Лойиҳа тумори — қуёнча. Фото: Davra.uz.

Ижтимоий тармоқнинг стандарт талқинида матн, расм ва видеоларни жойлаштириш, лайклаш, изоҳ қолдириш ва мессенжерда мулоқот қилиш мумкин. Шу билан бирга, тадбирлар яратиб, унга танишларни таклиф қилиш мумкин.

UZINFOCOM Маркази матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳозирги пайтда Davra.uz ижтимоий тармоғида 2200 дан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтган бўлиб, қизиқишлар бўйича 50 та саҳифа ва 60 та гуруҳ яратилган.

Лойиҳанинг ўз тумори бор — қуёнча. У ҳам матбуот анжуманида иштирок этди ва Davra.uz ижтимоий тармоғида ўз саҳифасига эга.