Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (ЎзМУ) ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов янги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига ректор этиб тайинланди, дея хабар қилди ЎзМУ вакили «Газета.uz»га. Янги ОТМ Президент Ислом Каримовнинг 13 майдаги қарори асосида ташкил этилган эди.

Шуҳрат Сирожиддинов (1961 йилда туғилган) ЎзМУга 2015 йил июнидан раҳбарлик қилиб келаётган эди. Унга қадар — 2014 йилдан университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори лавозимига тайинланганди. 2012-2014 йилларда Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори, 2005-2012 йилларда — Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг биринчи проректори вазифасида фаолият олиб борган. 1984 йилда Тошкент давлат университети(ҳозирги — ЎзМУ)нинг Шарқшунослик факультетида таҳсил олган

ЎзМУ сайтида келтирилишича, Шуҳрат Сирожиддинов матншунос олим, ўзбек мумтоз адабиёти, диний-фалсафий таълимотлар ва бадиий таржима соҳаларида тадқиқот олиб боради. 16 та монография, рисолалар ва ўқув услубий қўлланмалар ҳамда 140 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи.

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ЎзМУнинг ўзбек филологияси факультети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўзбек тили ва адабиёти факультети ҳамда Фанлар Академиясининг Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти базасида ташкил этилмоқда. Университет илк талабаларни 2016/2017 ўқув йилиданоқ қабул қилишни бошлайди.