Азим Ахмедхаджаев «Асака» банки бошқаруви раиси этиб тайинланди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги қарори 11 май куни эълон қилинди.

Азим Ахмедхаджаев (1979 йил таваллуд топган) 2011 йилдан буён Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Банк соҳасида 2003 йилдан буён фаолият кўрсатмоқда. Тошкент давлат иқтисодиёт университети битирувчиси (2000 йил — бакалавр: «Халқаро иқтисодий алоқалар», 2002 йил — магистр: «Халқаро валюта-кредит алоқалари»).

«Асака» банкининг аввалги раҳбари Қаҳрамон Арипов мазкур лавозимга 2007 йил апрелида тайинланиб, жорий йил февралига қадар фаолият кўрсатган эди.

1995 йилда ташкил этилган «Асака» банки Ўзбекистондаги иккинчи йирик тижорат банки ҳисобланади. Унинг асосий акционерлари — Молия вазирлиги (54 фоиздан кўпроқ), «Ўзавтосаноат» (13 фоиз атрофида), Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (13 фоизга яқин), Олмалиқ ва Навоий ТКМК, Бухоро НҚИЗ ва «Ўзбекистон темир йўллари».

Банк сайти маълумотларига кўра, унинг умумий активлари 1 апрель ҳолатига кўра 8 трлн сўмни, умумий капитали — 955,7 млрд сўмни ташкил этди.