Тошкентнинг Муқимий кўчасида трамвай ҳаракати тўхтатилиши билан автомагистраль бўйлаб бунёд этилган иншоотларни бузиш ишлари бошланди.

Турар-жой бинолари билан автомобиль йўли ўртасида жойлашган дўкон ва кафелар, дорихона ҳамда бошқа иморатларни бузиш ишлари давом эттирилмоқда. Бир вақтнинг ўзида йўл ёқалаб экилган дарахтларнинг шох-шаббалари ҳам кесиб борилмоқда. 

Бузиш ишлари савдо нуқталари эгаларининг кучлари билан амалга оширилмоқда. Ишчилар пиёдалар йўлаги плиталари ва ғиштларни тартиб билан тахлаб, олиб кетмоқда.

Метронинг «Новза» бекати яқинидаги дўкон ишчиларидан бирининг айтишича, туман ҳокимиятидагилар бузилган иморатлар ўрнига янги нуқталардан ер ажратилишига ваъда бермоқда.

Кўчаларни кенгайтириш ва улар ёқасидаги иншоотларни реконструкция қилиш ишлари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 5 апрелдаги Тошкент транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилмоқда.

Бир қанча янги йўл ўтказгичлар қуриладиган (Шота Руставели кўчаси, Бунёдкор шоҳ кўчаси чорраҳалари ва Чилонзор-Оқтепа майдонида) Муқимий кўчасидан ташқари, сентябрга қадар трамвай тармоқлари демонтаж қилинган барча кўчалар реконструкция қилинади.

Шаҳарда, шунингдек, ўтган йилнинг августидан буён Нукус, Афросиёб, Мирзо Улуғбек, Дўрмон йўли, Амир Темур, Мустақиллик кўчаларида ҳам реконструкция ишлари давом эттирилмоқда.

Фото