Якшанба, 1 май куни Тошкентда анъанавий фавворалар сайли байрами нишонланади. Фавворалар мавсуми бошлангани муносабати билан ташкил этиладиган оммавий-маданий тадбирлар пойтахтдаги 14 та йирик сув иншооти атрофида бўлиб ўтади.

«Вечерний Ташкент» газетасининг хабар қилишича, жумладан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, «Истиқлол» санъат саройи яқинидаги, Мирзо Улуғбек истироҳат боғи, Алишер Навоий номли ДАКТ қаршисидаги ҳамда Сайилгоҳ ва Хадра майдонларидаги фавворалар атрофида томоша ва кўргазмалар ташкил этилади.

Фавворалар сайли байрами Тошкентда 2014 йилдан буён ташкил этиб келинмоқда. Ўтган йили байрам илк бор Самарқандда ҳам нишонланди.