Ишчи ташриф билан Пекин шаҳрида бўлиб турган вазир ўринбосари Анвар Носиров бошчилигидаги Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Котибиятида «ШҲТ майзасори»ни барпо этиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ТИВ делегациялари раҳбарлари жорий йилда 15 ёшга тўлган ташкилотнинг ўсувчи салоҳиятинининг рамзи бўлган дарахтларни ўтқаздилар.

ШҲТ сайти маълумотларига кўра, «олти мамлакат халқларининг сўнмас дўстлиги, ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳамкорликдаги ривожланишида барқарор ва яратувчан куч рамзи» ўлароқ олти туп 15 йиллик арча дарахти кўчати ўтқазилди.

«ШҲТ майзасори» олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, ёшлар ҳамда дунёнинг турли бурчакларидан ташкилот бош қароргоҳи билан танишиш учун Пекинга ташриф буюрадиган сайёҳлар учрашадиган масканга айланади.

Ҳозирги пайтда ШҲТ 6 та аъзо давлат, 6 та кузатувчи давлат (Афғонистон, Беларус, Эрон, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Покистон) ва 6 та мулоқот бўйича шерикни (Арманистон, Камбоджа, Непал, Озарбайжон, Туркия ва Шри-Ланка) қамраб олган.