JV MAN Auto Uzbekistan Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси (Самарқанд вилояти) Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти (ЕИҲ) мамлакатлари учун юк самосвалларини ишлаб чиқаришга рухсат берувчи сертификатга эга бўлди, дея хабар қилди «Ўзстандарт» агентлиги.

«Қозоғистон техник назорат ва метрология қўмитаси „JV MAN Auto-Uzbekistan“ МЧЖ ҚКга оғир юк кўтарувчи автотранспорт воситалари (самосваллар) учун ЕИҲ давлатлари бозорига чиқишни таъминлайдиган рухсатномани топширди», — дейилади хабарда. Рухсатнома уч йил муддатга тақдим этилди.

«Ўзстандарт» маълумотларига кўра, JV MAN Auto-Uzbekistan аризаси бўйича рухсатномани тасдиқлаш жараёнини тезлаштириш ва ўз вақтида расмийлаштириш учун Қозоғистон томонидан ЕИҲ ягона реестрида рўйхатдан ўтган сертификатлаш ва синовдан ўтказиш лабораториялари бўйича аккредитация органларининг рўйхати тақдим этилди.

Устав капитали 3 млн евро бўлган JV MAN Auto Uzbekistan қўшма корхонаси «Ўзавтосаноат» ҳамда МAN Truck & Bus компаниялари томонидан 2009 йил августида ташкил этилган. Қўшма корхонанинг 51 фоизлик улуши Ўзбекистон, 49 фоизи Германия томонига тегишли. Заводнинг лойиҳавий қуввати йилига 5000 дона юк машинасини ташкил этади. Корхона тўлиқ вазни 15 дан 41 тоннагача бўлган TGA ва CLA модификациядаги автомобиллар (шатакчи, самосваллар, фургонлар)ни ишлаб чиқаради.