Тошкент ҳайвонот боғи яна бир бор ташриф буюрувчиларга юзланиб, уларни жониворларга емак бермасликка чақирди. У ерда яшаётган ламанинг ўлимига ошқозон ва ичакларида тўпланган кўп миқдордаги ҳазм бўлмайдиган буюмлар — полиэтилен ва ўровчи материаллар, пластик идишлар қопқоқлари ва бошқалар сабаб бўлди.

«Ҳайвонот боғидаги жониворлар сийламоқчи бўлганингизда, илтимос, саломатлик учун ўта зарарли бўлган нимадир мазали нарсани сўраётган фарзандларингизни эсланг. Конфет ёки печенье ўрамини фарзандингиз беихтиёр ютиб юбормаслиги учун эҳтиёткорлик билан олиб ташлашингизни ҳам ёдга олинг. Ва бизнинг ҳайвонлар ҳақида ҳам ўйлаб кўринг, фақатгина ўз истак-хоҳишларингиз тўғрисида эмас!» — дейилади ҳайвонот боғининг «Фейсбук»даги расмий саҳифасида.

«Жониворларни озиқлантирмаслик, чўчитмаслик ва уларга турли буюмларни улоқтирмаслик ҳақидаги илтимос ва огоҳлантиришларга қарамасдан, одамлар ўзларини масъулиятсиз ҳис этишда давом этмоқда, барча қоидаларни бузмоқда. Бу каби ташриф буюрувчилар айби билан ҳайвонот боғимиздаги жайронлар, туялар, ламалар, туяқушлар ва бошқа ҳайвонлар нобуд бўлди. Улар полиэтилен ва фольга ўрамли маҳсулотлар билан боқилган. Улар узоқ муддат қийналиб жон беришади, ўлим сабаби эса, қоидага кўра, жасад очиб кўрилганидан кейин маълум бўлади», — дея қайд этилди ҳайвонот боғи саҳифасида.

Жониворлар попкорн, музқаймоқ, чипслар, ширин пахта ва бошқа ширинликлар билан сийланиши қатъиян тақиқланади. Ширинлаткич, ранг берувчи ва ароматизатор каби озуқавий қўшимчалар жониворларда заҳарланиш ва аллергик реакцияларни келтириб чиқаради. Бу эса охир-оқибат сурункали касалликлар, моддалар алмашинувининг бузилиши ва ҳаёт давомийлигининг қисқариши кабиларни келтириб чиқариши мумкин.

«Ҳурматли меҳмонларимиз, ишонинг, илтимос, ҳайвонот боғида оч ҳайвонлар йўқ. Жониворларимиз озиқланиш учун ишлаб чиқилган овқатланиш рационига биноан етарли миқдорда озуқалар билан таъминланади. Жониворларни озиқлантирманг, уларнинг саломатлиги ва ҳаётини асранг!», — мурожаат қилди ҳайвонот боғи.